Ўзбекча Русский

(+998 73) 244 8215

ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

 

                                  Фарғона шахар  «Марказий дехқон бозори» АЖ

                                      акциядорларининг умумий йиғилиши                                                   2016 йил « 24 » май даги баённомаси билан

«ТАСДИҚЛАНГАН»

ФАРҒОНА ШАХАР « МАРКАЗИЙ ДЕХҚОН БОЗОРИ » АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ
ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА

НИЗОМ

 МУНДАРИЖА

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР. 3
  2. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ 3

III. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ ҲУҚУҚ BA М АЖБУРИЯТЛАРИ.. 3

  1. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР. 3
  2. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ.. 3
  3. ИЧКИ АУДИТ ЎТКАЗИШГА ВА УНИ ЎТКАЗИШ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА ЙИҒМА ҲИСОБОТ ТУЗИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР. 3

VII. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ.. 3

VIII. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ КУЗАТУВ КЕНГАШИ, АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ, МИНОРИТАР АКЦИЯДОРЛАР ҚЎМИТАСИ (агар мавжуд бўлса) ВА АКЦИЯДОРЛАР БИЛАН ЎЗАРО ХАМКОРЛИГИ ТАРТИБИ.. 3

  1. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР. 3


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1.   Фарғона шахар «Марказий дехқон бозори» акциядорлик жамиятининг (кейнчалик-«Жамият») ички аудит хизмати тўғрисидаги мазкур Низоми (кейинчалик-«Низом») Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қимматли қоғозлар бозорини яна ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Устав фондида давлат улуши бўлган Жамиятларининг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2006 йил 16 октябрдаги 215-сонли қарорларига мувофиқ ички аудитини ташкил этишга қўйиладиган ягона талабларни ҳамда унинг ишини ташкил этишнинг методологик асосларини белгилайди.

1.2. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

Ички аудит – Жамият бошқарувини ижро этувчи органи ва таркибий бўлинмалар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, таъсис ҳужжагларига ва ички хужжатларга риоя қилинишини текшириш ва мониторинг олиб бориш йўли билан улар ишини назорат қилиш ва бахолаш, маълумотларнинг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттирилишининг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва таомиллари, активларнинг сақланиши ҳамда корпоратив бошқариш принциплари жорий этилиши бўйича Жамият таркибий бўлинмасининг (ички аудит хизмати) фаолияти;

Ички аудит хизмати – мазкур Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда Жамият Кузатув кенгашининг қарори билан ташкил этиладиган, Жамиятнинг ички аудитини амалга оширадиган таркибий бўлинмасидир.

II. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

2.1    Қуйидагилар ички аудит хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

–        кузатув кенгашини ишончли ахборот билан таъминлаш ва ички аудит амалга оширилиши натижалари бўйича Жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш;

–        ички аудит жараёнида аниқланадиган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Жамият бошқарув органларига тавсияларни киритиш, уларнииг бартараф этилишини назорат қилиш.

2.2 Қуйидагилар ички аудит хизматининг асосий функциялари ҳисобланади:

–        ҳар йили Жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган режага мувофиқ мазкур Низомнинг 6.1 -бандида кўрсатилган йўналишлар бўйича тегишли текширишлар ўтказиш йўли билан ички аудитни амалга ошириш (ҳар чоракда ва ҳисобот йили якунлари бўйича);

–        тузилган хўжалик шартномаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертиза ўтказиш;

–        бухгалтерия ҳисобини юритишда ва молиявий ҳисоботни тузишда Жамиятнинг таркибий бўлинмалари мурожат қилган вақтда методик ёрдам бериш, уларга молия, солиқ, банк қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

–        техник топшириқларни ишлаб чиқишда, ташқи аудиторлик ташкилотларининг таклифларини баҳолашда ҳамда аудиторлик текширишларини ўтказиш учун ташқи аудиторлик ташкилотини танлашда тавсияларни тайёрлашда Жамиятнинг кузатув кенгашига кўмаклашиш.

III. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ ҲУҚУҚ BA М АЖБУРИЯТЛАРИ

3.1.   Ички аудит қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

–        ички аудитни амалга ошириш давомида пайдо бўладиган масалалар бўйича Жамиятнинг ҳужжатларини (раҳбарнинг буйруқлари, фармойишлари, бошқарув органлари қарорлари, маълумотномалар, ҳисоб-китоблар, зарур ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари ва бошқа ҳужжатларни), Жамият мансабдор ва масъул шахсларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш;

–        ички аудитни ўтказишга кўмаклашиш учун Жамиятнинг тегишли мутахассисларини жалб этиш;

–        ички аудит хизмати ички назоратни, шу жумладан, 50 фоиздан зиёд улуши Жамиятга тегишли бўлган юридик шахслар билан ўтказилган операциялар устидан назоратни амалга ошириш ваколатига эга.

3.2. Ички аудит хизмати қуйидагиларга мажбур:

–        ички аудитни амалга оширишда мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

–        мазкур Низомнинг 6.2 – 6.7 бандларида белгиланган талабларга мувофиқ ҳисоботлар тузиш;

–        молия ҳисоботи кўрсаткичларини текшириш;

–        ички аудитни амалга оширишда олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

–        Жамиятга унинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан зарар етказилганидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланган такдирда бу ҳақда дарҳол Жамиятнинг кузатув кенгашига хабар бериш ва аудиторлик ҳисоботида тегишли ёзувни қайд этиш;

–        активларни хатловдан ўтказишда ва қонунда белгиланган тартибда унинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилишда иштирок этиш.

3.3. Ички аудит хизмати қонун ҳужжатларига ва Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

4.1. Ички аудит хизмати ходимлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

–        Аудиторнинг малака сертификатига эга бўлиш;

–        Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида ёхуд Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидаги таълимга тенглиги эътироф этилган хорижий давлат таълим муассасасида олинган олий иқтисодий маълумотга эга бўлиш.

4.2.   Ички аудит хизматига ички аудитор сертификатига эга бўлган унинг раҳбари бошчилик қилади. Ҳар йили ички аудит хизмати раҳбари ички аудит хизмати харажатларининг йиллик сметасини тузади ва уни тасдиқлаш учун Жамиятнинг кузатув кенгашига такдим этади.

4.3.   Ички аудит хизмати раҳбари бўлмаган вақтда, унинг вазифараларини ички аудит хизмати рахбарининг муовини зиммасига юклатилади.

4.4.   Ички аудит хизмати ходимларининг касб даражаси тегишли лицензияга эга бўлган таълим муассасаларида мунтазамлилик асосида уларнинг малакасини ошириш воситасида саыланиши керак.

4.5.   Ички аудит хизмати ходимлари Жамият кузатув кенгаши томонидан ҳар йили аттестациядан ўтказилиши керак.

V. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ

5.1.   Қуйидагилар ички аудит хизмати мустақиллигининг асосий шартлари ҳисобланади:

–        ички аудит хизмати раҳбарини ва унинг ходимларини лавозимга тайинлаш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш Жамият кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади;

–        иш ҳақи миқцорини ва бошқа тўловларни белгилаш Жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган “Ички аудит хизматини моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги Низомига асосан амалга оширилади;

–        Жамият кузатув кенгашига бевосита бўйсуниш.

VI. ИЧКИ АУДИТ ЎТКАЗИШГА ВА УНИ ЎТКАЗИШ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА ЙИҒМА ҲИСОБОТ ТУЗИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

6.1. Ички аудит:

–        тасдиқланган бизнес-режа бажарилишини;

–        корпоратив бошқариш принципларига риоя қилинишини;

–        бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобнинг ҳолатини;

–        солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ҳисоблаб чиқилиши ва тўланишини;

–        молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатларига риоя этилишини;

–        активларнинг ҳолатини;

–        ички назоратнинг ҳолатини текшириш ва уларнинг мониторингини олиб бориш йўли билан ички аудит хизмати ходимлари томонидан амалга оширилади.

–        Кузатув кенгаш томонидан Жамият ихтисосидан келиб чиқиб қонун ҳужжатларига мувофиқ текширишни ўтказишнинг бошқа йўналишлари белгиланиши мумкин.

6.2. Ўтказилган  текширишлар  натижалари  бўйича  бевосита  уни  ўтказган  ходим  (ходимлар) томонидан имзоланадиган тегишли ҳисоботлар тузилади. Бунда:

а) бизнес-режа бажарилишини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

–        унинг бажарилишининг микдор ва сифат кўрсаткичлари таҳлили;

–        унинг бажарилиши таъминланмаган такдирда, бажарилмаслик сабабларнинг баёни, зарур бўлса айбдор мансабдор шахслар шахсан кўрсатилган ҳолда;

б) корпоратив бошқариш принципларига риоя қилишни текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

– Жамият бошқарув органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг самаралилиги, унинг қатнашчилари (муассислар)нинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши таҳлили;

корпоратив бошқариш сохасида қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари баёни (таъсис ҳужжатларига риоя қилиш, умумий йиғилишлар ва Жамият бошқарув органлари мажлислари ўтказилиши, дивидендлар тўгри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши ва ҳоказолар);

в) Жамиятнинг бухгалтерия ҳисоби ва молия ҳисоботи ҳолатини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

–        бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молия ҳисоботини тузишнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини баҳолаш;

–        аниқланган бухгалтерия ҳисоботини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашнинг белгиланган тартиби бузилишининг тавсифи, агар бундай холат мавжуд бўлса;

г) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ҳисобланиши ва тўланишини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

–        тузилган ва тегишли органларга тақдим этилган солиқлар ва мажбурий тўловлар ҳисоб-китоби тўғрилигини баҳолаш;

–        солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлашнинг белгиланган тартиби бузилиши ҳолатларини, солиқ солинадиган базани белгилашда четга чиқишларни баён қилиш;

д) молия-хўжалик операцияларини амалга оширишда Жамият томонидан қонуп хужжатларига риоя қилинишини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

–        Жамият томонидан амалга оширилган молия-хўжалик операцияларининг қонун хужжатларига мувофиқлигини баҳолаш;

–        ички аудит давомида аниқланган Жамият томонидан амалга оширилган молия-хўжалик операцияларининг қонун хужжатларига номувофиқлигини баён қилиш;

е) ички назоратнинг ҳолатини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

–        ички назорат тизимини ва унинг фаолият кўрсатишидаги мавжуд камчиликларни баён этиш;

–        Жамият таркибий бўлинмаларидаги ижро интизомининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, унинг аниқ ходимлари ишидаги мавжуд камчиликлар.

–        активларнинг холатини текшириш натижалари активларни хатловдан ўтказишнинг асосланишини ҳамда уларнинг ҳаракати, амалда мавжудлиги ва сақланиши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.

Шунингдек ўтказиладиган текширишлар бўйича барча ҳисоботларда Жамият ижро этувчи органи ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти бахоланишини, аниқланган четга чиқишлар ва қонунни бузишларни бартараф этишга доир тавсияларни, тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини ўз ичига оладиган якуний қисм бўлиши керак.

6.3.   Ўтказилган ички аудит якунлари бўйича, мазкур Низомнинг 6.1 ва 6.2-бандларига мувофиқ, ички аудит раҳбари (ёки ички аудит раҳбарининг муовини) томонидан имзоланадиган йиғма ҳисобот тузилади.

6.4.   Йиғма ҳисобот:

–        таҳлилий қисмни;

–        якуний қисмни;

–        тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини ўз ичига олиши керак.

6.5.   Йиғма ҳисоботнинг тахлилий қисми мазкур Низомнинг 6.1. ва 6.2-бандларига мувофиқ, ички аудит ходимлари томонидан ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотни ўз ичига олиши керак.

6.6.   Ҳисоботнинг якуний кисми:

–        Жамиятнинг ижро этувчи органи ва таркибий бўлинмалари фаолиятига, шунингдек молиявий кўрсаткичларига умумий баҳони;

–        аниқланган четга чиқишлар ва қонунни бузишларни бартараф этиш бўйича ички аудит хизматининг тавсияларини ҳамда Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини оширишга, корпоратив бошқаришни такомиллаштиришга доир умумлаштирилган таклифларни ўз ичига олиши керак.

6.7.   Йиғма ҳисобот ички аудит якунлангандан кейин 10 кун мобайнида тугалланиши зарур.

6.8.   Йиғма ҳисоботлар бевосита Жамиятнинг кузатув кенгашига кўриб чиқиши ва кейинчалик тасдиқлаши учун тақдим этилиши керак. Ҳисоботлар тасдиқлангандан сўнг, унинг нусхалари Жамият ижро этувчи органига такдим этилиши керак.

6.9.   Жамиятнинг ижро этувчи органи ички аудит натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши шарт.

6.10. Ички аудит хизмати текшириш давомида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш, шунингдек умуман Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва зарур даражада бажарилиши устидан назорат ўрнатиши керак.

VII. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

7.1.  Ички аудит хизмати ходимлари:

–        ўзлари ўтказган текширишлар натижалари бузиб кўрсатилганлиги;

–        уларга тақдим этилган ёки улар томонидан хизмат вазифаларининг бажарилиши муносабати билан уларга маълум бўлган Жамиятнинг сирини ташкил этадиган ахборотнинг маҳфийлигига риоя қилинмаганлиги;

–        олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилиши таьминланиши учун жавоб берадилар.

7.2. Жамиятнинг кузатув кенгаши ҳар чоракда ички аудит хизматининг текширишлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботини эшитади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирларни кўради.

VIII. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИНИНГ КУЗАТУВ КЕНГАШИ, АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ, МИНОРИТАР АКЦИЯДОРЛАР ҚЎМИТАСИ (агар мавжуд бўлса) ВА АКЦИЯДОРЛАР БИЛАН ЎЗАРО ХАМКОРЛИГИ ТАРТИБИ

8.1. Ички аудит хизмати Жамият акциядорлари, бошқарув ва назорат органи аъзолари ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат, ҳисобдорлик ва назорат тамойиллари асосидаги ҳамкорликни таъминлайди. Жумладан:

–        Ҳисобдорлик тамойили: Ҳар чоракда ва молиявий йил якунларида ички аудит хизмати Аудиторлик қўмитаси билан биргаликда Кузатув кенгашига амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот беради.

–        Назорат тамойили: Кузатув Кенгаши, Ижроия органи, Тафтиш комиссияси ва Аудиторлик қўмитаси ички аудит хизмати билан биргаликда Жамиятнинг молиявий хўжалик фаолияти устидан ўзларига берилган ваколатларидан келиб чикган холда доимий назоратнинг олиб боради;

–        Ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойили: Жамиятнинг Кузатув Кенгаши, Ижроия органи, Тафтиш комиссияси ва Аудиторлик қўмитаси ички аудит хизмати билан биргаликда Жамият фаолиятини янада ривожлантиришда, ижобий молиявий кўрсатгичларга эришишда ва бошқа Жамият фаолияти билан боғлиқ бўлган масалаларни ўзаро ҳамжихатликда бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ишиноч ва ҳурмат асосида амалга оширади.

IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

9.1.   Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка эга бўладилар.

9.2.   Агар мазкур Низомнинг алоҳида моддалари Республикаси Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги ва/ёки Жамият Уставига зид келган тақдирда, унда ушбу моддалар ўз кучини йўқотади ва унинг мазкур моддалар билан тартибга солинадиган қисмида, мазкур Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, Республикаси Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги ва/ёки Жамият Устави нормаларига амал қилиш керак.