Ўзбекча Русский

(+998 73) 244 8215

АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

  Фарғона шахар « Марказий дехқон бозори » АЖ

акциядорларининг умумий йиғилиши

2012 йил « 12» июн даги баённомаси билан

«ТАСДИҚЛАНГАН»

ФАРҒОНА ШАХАР « МАРКАЗИЙ ДЕХҚОН БОЗОРИ » АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ
АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ ТЎҒРИСИДА

НИЗОМ

 МУНДАРИЖА

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР. 3
  2. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ ВАКОЛАТЛАРИ.. 3

III. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИДА ИШТИРОК ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ. АКЦИЯДОРЛАР ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ… 3

  1. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ЙИЛЛИК УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК.. 3
  2. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК.. 3
  3. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ КВОРУМИ.. 3

VII. УМУМИЙ ЙИҒИЛИШ ИШЧИ ОРГАНЛАРИ.. 3

VIII. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ   3

  1. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ БАЁННОМАСИ.. 3
  2. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ ҚАРОРЛАРИНИНГ БАЖАРИЛИШИ 3
  3. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР. 3

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

  1. Мазкур Низом Фарғона шахар «Марказий дехқон бозори» Акциядорлик жамияти акциядорлар умумий йиғилиши мақоми ва фаолиятини, унинг ўтказилиши ва қарорлар қабул қилиниши тартибини белгилайди.
  2. Низом Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига, бошқа меъёрий(норматив)-ҳуқуқий ҳужжатларга ва «Марказий дехқон бозори» Акциядорлик жамияти (қуйида матн бўйича – “Жамият”) Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.
  3. Жамият ҳар йили акциядорлар умумий йиғилиши (акциядорлар йиллик умумий йиғилиши)ни ўтказиши шарт. Акциядорлар йиллик умумий йиғилиши молия йили якунлангандан сўнг олти ойдан кечиктирилмай ўтказилади. Акциядорлар йиллик умумий йиғилиши, одатда, ҳар йили 30 июнда ўтказилади.
  4. Акциядорлар йиллик умумий йиғилишида Жамиятнинг Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясини сайлаш, ижроия органи раҳбари билан тузилган шартнома муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш имкониятлари тўғрисидаги масалалар ҳал қилинади, шунингдек Жамиятнинг йиллик ҳисоботи, Жамиятнинг ижроия органи ва Кузатув кенгашининг Жамиятни ривожлантириш стратегияларига эришиш бўйича қўлланилаётган чоралар тўғрисидаги ҳисоботлари ҳамда мазкур Низомнинг 7-банди ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошларига мувофиқ бошқа ҳужжатлар кўриб чиқилади.
  5. Акциядорлар йиллик умумий йиғилишидан бошқа Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишлари ўтказилади.
  6. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва тартиби, акциядорларга унинг ўтказилиши тўғрисида хабар бериш тартиби, Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёрланишда акциядорларга тақдим қилинадиган материаллар (ахборот) рўйхати Жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

II. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ ВАКОЛАТЛАРИ

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши ваколатлари қуйидагилардан иборат:

–        Жамият Уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги Жамият Уставини тасдиқлаш;

–        Жамиятни қайта ташкил қилиш;

–        Жамиятни тугатиш, Тугатувчи (Тугатиш комиссияси)ни тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

–        Жамият Кузатув кенгашининг миқдорий таркибини белгилаш, унинг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатдан олдин бекор қилиш;

–        эълон қилинган акцияларнинг энг юқори миқдорини белгилаш;

–        Жамият Устав фонди (Устав капитали)ни камайтириш;

–        ўз акцияларини харид қилиш;

–        Жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;

–        Жамиятнинг Тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатдан олдин бекор қилиш, шунингдек Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш;

–        Жамиятнинг йиллик ҳисоботини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ муддатли (5 йилдан ортиқ) давр учун Жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадларидан келиб чиқиб аниқ муддатлари белгиланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш;

–        Жамиятнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш;

–        Жамият Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси ваколатларига кирадиган масалалар бўйича, шу жумладан қонун ҳужжатлари билан белгиланган Жамият бошқаруви талабларига риоя қилиш бўйича Жамиятнинг Кузатув кенгаши ҳисоботларини ва Тафтиш комиссияси хулосаларини тинглаш;

–        Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 35-моддаси билан назарда тутилган имтиёзли ҳуқуқ қўлланилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилиш;

–        Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибини тасдиқлаш;

–        акцияларни бўлиш ва бирлаштириш (консолидация қилиш);

–        Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 8-бобига мувофиқ, Жамият томонидан баланс қиймати ёки харид қилиш қиймати тегишли битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган санада Жамият соф активлари миқдоридан эллик фоиздан ортиқ суммани ташкил қиладиган мулк бўйича йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

–        Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 9-бобига мувофиқ, Жамиятнинг аффилланган шахси билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

–        Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларига риоя этиш мажбуриятларини қабул қилиш ва хабар бериш шаклларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

–        ички назорат, дивиденд сиёсати тўғрисидаги, манфаатлар тўқнашувида ҳаракатлар тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

–        мустақил ихтисослашган ташкилотлар-консультантларни жалб қилиш орқали бизнес-жараёнлар ва лойиҳаларнинг Жамиятни ривожлантириш мақсадларига мувофиқлигининг ҳар йиллик таҳлилини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва таҳлил натижаларини тинглаш;

–        Жамиятнинг жорий хўжалик фаолиятига тегишли битимларни белгилаш;

–        Жамиятнинг Кузатув кенгаши ва ижроия органи томонидан хайрия (ҳомийлик) ёки бепул ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, ёрдам кўрсатиш (олиш) тартибини, шартларини белгилаш;

–        электрон почта бўйича (электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш орқали), шунингдек ўз ваколатларини вакилга бериш ёки видео-конференц-алоқа режимида умумий йиғилиш ўтказиш орқали овоз бериш тартибини белгилаш (тасдиқлаш);

–        саноқ комиссиясига амалий ёрдам кўрсатиш ёки унинг функцияларини бажариш учун мустақил экспертлар (масалан, инвестиция консультанти ва қимматли қоғозлар бозорининг бошқа малакали иштирокчилари)ни жалб қилиш тартибини белгилаш (тасдиқлаш);

–        миноритар акциядорлар қўмитасини (миноритар акциядорлар қўмитаси ташкил қилинган ҳолатда) Жамият маблағлари ҳисобига таъминлаш учун харажатларни қоплаш тартибини белгилаш (тасдиқлаш);

–        Акциядорлар умумий йиғилишида ҳисобот берадиган Жамиятнинг бошқарув ва назорат органлари маърузаси (ҳисоботи) шакли ва мазмунига талабларни белгилаш, умумий йиғилиш фаолиятини белгилаш;

–        Акциядорлар, шу жумладан миноритар акциядорлари, овоз беришда уларнинг ягона позициясини шакллантириш учун акциядорлик келишувларини тузишга ҳақли;

–        қонун ҳужжатлари ва Жамият Уставига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш.

  1. Мазкур Низомнинг 7-банди иккинчи-тўртинчи, олтинчи, ўн учинчи хатбошларида, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 84-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида ва 88-моддаси бешинчи қисмида қайд этилган масалалар бўйича қарор Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок қилаётган овоз берувчи акциялар эгалари – акциядорларнинг тўртдан уч кўпчилик овозлари билан қабул қилинади.
  2. Давлат олдидаги мавжуд солиқ ва бошқа қарздорлик ҳисобига Жамият устав капиталидаги давлат ҳиссасини ташкил қилиш ёки кўпайтириш бўйича қарор Акциядорлар умумий йиғилишида акциядорларнинг, акциядорлар (давлатдан ташқари) розилик билдирган ҳолатда, Жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг энг камида учдан икки қисми эгаларининг оддий кўпчилик овозлари билан қабул қилинади.
  3. Қолган масалалар бўйича қарор Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок қилаётган овоз берувчи акциялар эгалари – акциядорларнинг оддий кўпчилик овозлари билан қабул қилинади.
  4. Акциядорлар умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар ҳал қилиниши учун Жамиятнинг Кузатув кенгаши ва ижроия органига берилиши мумкин эмас.

Миноритар акциядор ҳужжатларни асоссиз равишда талаб қилиш ва махфий ахборотлар, тижорат сирларини қўллаш йўли билан Жамият бошқарув органи фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

III. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИДА ИШТИРОК ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ. АКЦИЯДОРЛАР ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган санагача уч иш кунидан олдин тузилган Жамият акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок қилиш ҳуқуқига эгалар.
  2. Жамият акциядорнинг талаби бўйича унга Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш учун тузилган Жамият акциядорлари реестрига киритилганлиги тўғрисида ахборотни тақдим қилиши шарт.
  3. Жамият акциядорлари реестрига у тузилган санада киритилмаган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ёки уни тузиш вақтида йўл қўйилган хатолар тузатилган тақдирдагина Жамият акциядорлари тузилган реестрига қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
  4. Акциядорлар умумий йиғилишида Жамият акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар иштирок қилиш ҳуқуқига эгалар, уларнинг ваколатли вакиллари, саноқ комиссияси, ички аудит хизмати ходимлари, аудиторлик текширувини ўтказган аудиторлик ташкилоти вакили, Жамиятнинг Кузатув кенгаши аъзолари, ижроия органи, Тафтиш комиссияси аъзолари, шунингдек миноритар акциядорлар қўмитаси вакили (мавжуд бўлган ҳолатда) ва бошқалар Акциядорлар умумий йиғилиши Раисининг таклифи бўйича иштирок қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.
  5. Жамиятнинг ижроия органи аъзолари, Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси вакиллари, шунингдек аудиторлик ташкилоти вакиллари Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида ўз органлари ҳисоботлари билан шахсан иштирок қилишлари керак.
  6. Жамиятнинг Кузатув кенгаши, Тафтиш комиссияси аъзолигига ва Жамият директори лавозимига номзодлар Акциядорлар умумий йиғилишида ўз номзодлари кўриб чиқилишида иштирок қилишлари мумкин.
  7. Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок қилиш учун акциядорлар ва уларнинг ваколатли вакиллари йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги билдириш хатида қайд этилган жой ва вақт бўйича рўйхатдан ўтишлари керак.
  8. Акциядор вакили Акциядорлар умумий йиғилишида ёзма шаклда тузилган ваколатнома асосида иштирок қилади. Овоз бериш учун ваколатнома ушбу ваколатномани олувчи ва берувчи тўғрисидаги маълумотлар (исм-шарифи ёки номланиши, турар-жой манзили ёки бўлиш жойи манзили, паспорт маълумотлари)ни ўз ичига олиши керак. Жисмоний шахс номидан овоз бериш учун ваколатнома нотариал тарзда тасдиқланиши керак. Юридик шахс номидан овоз бериш учун ваколатнома унинг раҳбари имзоси остида берилади ва ушбу юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланади (муҳр мавжуд бўлган ҳолатда).
  9. Акциядор исталган вақтда Акциядорлар умумий йиғилишидаги ўз вакилини алмаштириш ёки ушбу йиғилишда шахсан иштирок қилиш ҳуқуқига эга.
  10. Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок қилиш учун келган акциядорлар – жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказиш паспорт ёки акциядорнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат тақдим қилинганда амалга оширилади, вакилига нисбатан эса – шунингдек, нотариал тарзда тасдиқланган ваколатнома ҳам тақдим қилиниши керак.
  11. Жамият акциядори – юридик шахс раҳбари Акциядорлар умумий йиғилишидаги ўз ваколатларини уни лавозимга тайинлаш тўғрисидаги ҳуқуқий далолатнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида лавозими бўйича амалга оширади.
  12. Акциядор – юридик шахс вакили Акциядорлар умумий йиғилишида унинг номига ташкилот раҳбари имзоси остида берилган ваколатнома мавжуд бўлганда ёки ушбу ташкилот муҳри билан тасдиқланган (муҳр мавжуд бўлган ҳолатда) таъсис ҳужжатлари билан тегишли ваколат берилган бошқа шахс номидан иштирок қилиши мумкин.
  13. Жамият акцияси бир неча шахсларнинг умумий ҳисса эгалигида бўлган ҳолатда, Акциядорлар умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқи уларнинг ихтиёрига кўра умумий ҳисса эгалиги иштирокчиларидан бири ёхуд уларнинг умумий вакили томонидан амалга оширилади. Қайд этилган шахсларнинг ҳар бири ваколатлари тегишли равишда расмийлаштирилган бўлиши керак.
  14. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш учун тузилган Жамият акциядорлари реестрига мувофиқ, мазкур Низомга 1-сонли иловага мувофиқ намуна бўйича қайд этиш рўйхати тузилади.
  15. Қайд этиш рўйхати жузланган (брошюраланган), рақамланган, тикилган ва Жамият муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.
  16. Умумий йиғилишни ўтказишда акциядорлар (уларнинг вакиллари) қайд этиш рўйхатига имзо қўядилар ва Жамият акциядорлари реестри маълумотлари бўйича белгиланган ҳар бир акциядорнинг овоз берувчи акцияларидан келиб чиққан ҳолда овоз бериш учун бюллетенлар тўпламини оладилар (2-сонли илова).
  17. Агар йиғилиш иштирокчиси бир ёки бир неча акциядорлар манфаатларини ифодалаш учун ваколатнома тақдим қилса, унга акциядор (акциядорлар) номидан овоз бериш учун бюллетенлар берилади, қайд этиш рўйхатида эса манфаатлари ифодаланаётган акциядор фамилияси қаршисида қуйидагича эслатма қилинади: “_______ (миқдори) овоз берувчи акциялар бўйича “___” ______ 20 йилдаги “___”-сонли ваколатнома бўйича” ва вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

IV. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ЙИЛЛИК УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК

  1. Акциядорлар умумий йиғилишини мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган муддатда сифатли тайёрлаш ва ўтказиш учун ижроия органи корпоратив консультант (мавжуд бўлган ҳолатда) билан биргаликда қуйидагиларни амалга оширади:

–        Жамиятнинг Кузатув кенгаши қарори билан танланган аудиторлик ташкилотлари билан аудиторлик текширувини ўтказиш, шу жумладан Молиявий ҳисоботнинг халқаростандартларига мувофиқ молиявий ҳисобот тайёрлаш, Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудит ташкил қилиш бўйича шартномалар тузади, ушбу шартномаларда текширув якунланишининг аниқ муддатлари кўрсатилади;

–        Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудит ўтказилгандан сўнг йиллик умумий йиғилиш ўтказиладиган санагача икки ҳафтадан кичиктирилмай Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тузилган ҳар йилги молиявий ҳисобот эълон қилинишини таъминлайди.

Ижроия орган қуйидагиларни ишлаб чиқади (тайёрлайди):

–        Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тартиби (регламенти) лойиҳалари, ҳар бир йўналиш бўйича асослар илова қилинган ҳолда соф фойда тақсимланиши (зарарлар ўрни қопланиши) ва Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан кўриб чиқиладиган бошқа ҳужжатлар, шунингдек саноқ комиссиясини ташкил қилиш бўйича таклифлар. Акциядорлар йиллик умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун акциядорлар томонидан келиб тушган таклифларни, шу жумладан Жамиятнинг Кузатув кенгашига ва Тафтиш комиссиясига (тафтишчи сифатида) кўрсатилган номзодлар тўғрисидаги ахборотни ва бошқа маълумотларни умумлаштиради;

–        Жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва йиллик бизнес-режаси, шунингдек Жамиятнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли даврдаги ривожланиш стратегияси лойиҳаси, Жамиятнинг асосий йўналишлари ва мақсадларига асосланиб унинг аниқ муддатлари белгиланади;

–        бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисида ва Жамиятнинг ривожланиш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги ижроия орган ҳисоботи, аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш бўйича танлов ўтказиш ва ҳ.к.

  1. Ижроия органи мазкур Низомнинг 29-банди иккинчи қисмида қайд этилган материаллар ишлаб чиқилгандан (тайёрлангандан) сўнг уларни Жамиятнинг Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун киритади.
  2. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик Жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан ўтказилади, жумладан у қуйидагиларни белгилайди:

– Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, жой ва вақти; – Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартиби;

–        акциядорларни хабардор қилиш учун Жамият акциядорлари реестри тузиладиган ва Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана;

–        Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларни ва давлат вакилини хабардор қилиш тартиби;

–        Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарликда акциядорларга тақдим қилинадиган ахборот (материаллар) рўйхати;

–        овоз бериш учун бюллетень намунаси ва матни.

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана ушбу йиғилиш ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кундан олдин ва ўттиз кундан кейин белгиланиши мумкин эмас.
  2. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган санагача етти кундан кечиктирилмай, бироқ ўттиз кундан олдин бўлмаган муддатда Жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта бўйича юборилади (3-сонли иловага мувофиқ).
  3. Жамият акциядорга мустақил равишда ёки Жамият ва қимматли қоғозлар бозорининг малакали иштирокчиси ўртасида тааллуқли хизматлар кўрсатиш юзасидан тузиладиган шартномага мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг малакали иштирокчиси орқали билдириш хати юбориш ҳуқуқига эга.
  4. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

–        Жамият номланиши, жойлашган манзили (почта манзили) ва электрон почта манзили;

–        Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақти ва жойи;

–        Жамият акциядорлари реестри тузиладиган сана;

–        Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига киритилган масалалар;

–        Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарликда акциядорларга тақдим қилинадиган ахборот (материаллар) билан акциядорларни таништириб чиқиш тартиби.

  1. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарликда акциядорларга тақдим қилинадиган ахборот (материаллар) Жамиятнинг йиллик ҳисоботини, Жамиятнинг йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари бўйича Жамият Тафтиш комиссияси ва аудиторлик ташкилоти хулосаларини, Жамиятнинг Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги маълумотларни, Жамият Уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар лойиҳасини ёки Жамият Уставининг янги таҳрирдаги лойиҳасини, шунингдек Жамиятнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли давр учун ривожланиш стратегияси лойиҳасини ва кун тартиби бўйича бошқа керакли ахборотни, шу жумладан Жамият Кузатув кенгашининг Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартиби юзасидан нуқтаи назарини ўз ичига олади.
  2. Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарликда акциядорларга тақдим қилиниш учун мажбурий қўшимча ахборот (материаллар) рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши мумкин.
  3. Жамият овоз берувчи акцияларининг жами энг камида бир фоизи эгаси ҳисобланган акциядорлар (акциядор) Жамиятнинг молия йили якунлангандан сўнг тўққиз кундан кечиктирилмаган муддатда Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартиби бўйича (4-сонли иловада қайд этилган намуна бўйича), шу жумладан фойдани тақсимлаш, бошқарув ва назорат органлари аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга, белгиланган тартибда Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилгунга қадар уларни алмаштириш имкониятига эга.
  4. Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига масала уни киритаётган акциядор (акциядорлар) номидан тааллуқли сабаблари, унга тегишли акциялар сони ва тури кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда киритилади.
  5. Жамиятнинг Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси аъзолигига номзодларни кўрсатиш тўғрисида таклифлар киритилганда, шу жумладан мустақил равишда ўз номзоди кўрсатилган ҳолатда, номзоднинг исм-шарифи, унга тегишли акциялар сони ва тури (номзод Жамият акциядори ҳисобланган ҳолатда), шунингдек номзодни кўрсатувчи акциядорлар исм-шарифи (номланиши), уларга тегишли акциялар сони ва тури қайд этилади.
  6. Жамиятнинг Кузатув кенгаши келиб тушган таклифларни кўриб чиқиши ва уларни Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига киритиш тўғрисида ёки қайд этилган кун тартибига киритишни рад этиш тўғрисида мазкур Низомнинг 38-бандида белгиланган муддат тугагандан сўнг 10 кундан кечиктирмай қарор қабул қилиши шарт.
  7. Қуйидаги ҳолатлардан ташқари, акциядор (акциядорлар) томонидан киритилган масала Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши керак, худди шундай кўрсатилган номзодлар Жамиятнинг бошқарув ва назорат органларига сайловлар бўйича овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритилиши керак:

–        акциядор (акциядорлар) томонидан мазкур Низомнинг 38-бандида белгиланган муддатга риоя қилинмаган;

–        акциядор (акциядорлар) мазкур Низомнинг 38-бандида назарда тутилган Жамиятнинг овоз берувчи акциялари сони эгаси ҳисобланмайди;

–        агар Жамиятнинг бошқарув ва назорат органларига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ бўлмаса;

–        таклифлар қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайди.

  1. Акциядор (акциядорлар) улар томонидан Жамиятнинг Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясига кўрсатилган номзодлар рўйхатига Акциядорлар йиллик умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисида хабар эълон қилинган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирилмай ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
  2. Масаланинг Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши ёки номзоднинг Жамиятнинг бошқарув ва назорат органларига сайловлар бўйича овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритилиши тўғрисида ёки қайд этилган кун тартибига ёки номзодлар рўйхатига киритиш асосланган тарзда рад этилиши тўғрисида Жамият Кузатув кенгашининг қарори масалани кун тартибига киритиш ёки номзодларни номзодлар рўйхатига киритишни таклиф қилган акциядор (акциядорлар)га қарор қабул қилинган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирилмай юборилади.
  3. Масаланинг Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши ёки номзоднинг Жамиятнинг бошқарув ва назорат органларига сайловлар бўйича овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритилишини рад этиш тўғрисида Жамият Кузатув кенгашининг қарори устидан судга шикоят аризаси берилиши мумкин.

V. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК

  1. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши Жамият Кузатув кенгашининг қуйидагилар асосидаги қарори бўйича ўтказилади:

– унинг ўз ташаббуси бўйича;

– Тафтиш комиссияси талабларига кўра;

–        талабнома тақдим қилинган санада Жамият овоз берувчи акцияларининг энг камида 5%и эгаси ҳисобланган акциядор (акциядорлар) талабларига кўра (5-сонли иловага мувофиқ).

  1. Жамият Кузатув кенгашининг ваколатларини муддатдан олдин бекор қилиш масалалари бўйича Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида талабномалар асослари қуйидагилардан иборат:

–        Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Жамият Уставига, Акциядорлар умумий йиғилиши қарорларига риоя қилмаслик;

–        Жамиятга зарарлар келтирилиши ва акциядорларнинг мулкий ҳуқуқларига зиён етказилиши, шу жумладан Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти жиддий ёмонлашиши, фойда ва рентабеллиги пасайиши, ишлар ва хизматларнинг реализация қилиниши асоссиз равишда қисқартирилиши билан боғлиқ зарарлар етказилиши;

–        Жамиятнинг иқтисодий ночорлиги (банкротлиги) юзага келиш аломатлари ёки таҳдидлари мавжудлиги, давлат бюджети, бюджетдан ташқари фондлар олдида ходимларга иш ҳақи тўлаш бўйича турғун қарздорлик мавжудлиги.

  1. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида талабномаларда йиғилиш кун тартибига киритиладиган масалалар бунинг сабаблари қайд этилган ҳолда ифодаланиши керак. Агар Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш Жамият Кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатларини муддатдан олдин бекор қилиш тўғрисидаги масала киритилиши билан боғлиқ бўлса, бундай йиғилиш чақириғи тўғрисидаги талабномалар Жамият Кузатув кенгаши ваколатларини муддатдан олдин бекор қилиш тўғрисидаги масаладан ташқари, Кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш масалаларини кун тартибига киритиш тўғрисидаги таклифларни ўз ичига олиши керак.
  2. Жамият Кузатув кенгаши Жамият Тафтиш комиссияси ёки Жамиятнинг овоз берувчи акцияларининг энг камида беш фоизи эгаси ҳисобланган акциядор (акциядорлар) талабномалари бўйича чақириладиган Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига масалалар тузилишига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
  3. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабнома акциядор (акциядорлар) томонидан киритилган тақдирда, ушбу талабнома бундай йиғилиш чақириғини талаб қилаётган акциядор (акциядорлар)га тегишли акциялар сони ва тури қайд этилган ҳолда уларнинг исми-шарифи (номланиши)ни ўз ичига олиши керак.
  4. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабнома Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақириғини талаб қилаётган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.
  5. Жамият Тафтиш комиссияси ёки Жамиятнинг овоз берувчи акцияларининг энг камида беш фоизи эгаси ҳисобланган акциядор (акциядорлар) томонидан Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабномалари тақдим қилинган санадан бошлаб 10 кун ичида Жамият Кузатув кенгаши томонидан Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида ёки бундай йиғилишни чақириш рад қилиниши тўғрисида қарор қабул қилиши керак.
  6. Жамият Тафтиш комиссияси ёки Жамиятнинг овоз берувчи акцияларининг энг камида беш фоизи эгаси ҳисобланган акциядор (акциядорлар) талабномалари бўйича Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш рад қилиниши тўғрисида қарор қуйидаги ҳолатларда қабул қилиниши мумкин:

–        Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақириғини талаб қилаётган акциядор (акциядорлар) мазкур банднинг биринчи қисмида назарда тутилган Жамиятнинг овоз берувчи акциялари сони эгаси ҳисобланмайди;

–        кун тартибига киритиш учун таклиф қилинган масалалардан ҳеч бири Акциядорлар умумий йиғилиши ваколатларига киритилмаган;

–        кун тартибига киритиш учун таклиф қилинаётган масала қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайди.

  1. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида ёки бундай йиғилиш чақириғи рад қилиниши тўғрисида Жамият Кузатув кенгашининг асосланган қарори бундай йиғилиш чақириғини талаб қилаётган шахсларга қарор қабул қилинган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирилмай юборилади.
  2. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақириғи рад қилиниши тўғрисида Жамият Кузатув кенгашининг қарори устидан судга шикоят аризаси берилиши мумкин.
  3. Мазкур Низомнинг 52-банди билан белгиланган муддат мобайнида Жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки бундай йиғилиш чақириғи рад қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолатда Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бундай йиғилиш чақириғини талаб қилаётган шахслар томонидан чақирилиши мумкин.

Бундай ҳолатда, Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик бўйича сарф-харажатлар Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори бўйича Жамият маблағлари ҳисобига қопланиши мумкин.

  1. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик Жамиятнинг Кузатув кенгаши томонидан ёхуд қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолатларда мазкур Низом билан белгиланган тартибда Акциядорларнинг умумий йиғилишини чақираётган шахс томонидан амалга оширилади.

VI. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ КВОРУМИ

  1. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок қилиш учун рўйхатдан ўтказиш якунланган пайтда Жамиятнинг овоз берувчи акцияларининг жами эллик фоизидан ортиқ овозга эга акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтказилган бўлса, Акциядорларнинг умумий йиғилиши қонуний (кворумга эга) ҳисобланади.
  2. Агар имтиёзли акциялар кун тартибидаги фақат бир ёки бир неча масалалар бўйича овоз берса, йиғилиш кворуми тақдим қилинган оддий акциялар сони бўйича белгиланади, қайд этилган масалалар бўйича овозларни ҳисоблаш эса овоз берувчи оддий ва имтиёзли акцияларнинг умумий сони бўйича амалга оширилади.
  3. Йиғилиш бошланишининг белгиланган вақтидан сўнг 120 дақиқадан кўпроқ вақт мобайнида кворум ҳали йиғилмаган бўлса, Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибининг ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.
  4. Етарлича кворум йиғилмаганлиги туфайли қолдирилган Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўрнига чақирилган Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилиши, агар ушбу йиғилишда иштирок қилиш учун рўйхатдан ўтказиш якунланган пайтда Жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами қирқ фоизидан ортиқ овозга эга акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтказилган бўлса қонуний ҳисобланади.

Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш мазкур Низом билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

  1. Кворум мавжуд эмаслиги туфайли Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана 20 кундан камроқ вақтга ўзгартирилганда, умумий йиғилишда иштирок қилиш ҳуқуқига эга акциядорлар ўтказилмаган умумий йиғилишда иштирок қилиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестрига мувофиқ белгиланади.

VII. УМУМИЙ ЙИҒИЛИШ ИШЧИ ОРГАНЛАРИ

  1. Умумий йиғилиш ишчи органлари қуйидагилардан иборат: раёсат (президиум), саноқ комиссияси, котиб (котибият).
  2. Акциядорларнинг умумий йиғилиши раёсати (президиуми) ва раиси Акциядорларнинг умумий йиғилишида сайланади. Акциядорларнинг умумий йиғилиши Жамият Кузатув кенгаши раиси томонидан, унинг узрли сабаблар бўйича йўқлигида эса – Жамият Кузатув кенгаши аъзоларидан бири томонидан олиб борилади.
  3. Акциядорларнинг умумий йиғилиши раиси йиғилиш раёсати (президиуми)га раҳбарлик қилади, йиғилиш олиб борилишини таъминлайди ва бунда ўз вазифаларини тегишлича бажариш учун керакли барча ваколатларга эга бўлади.
  4. Акциядорларнинг умумий йиғилиши раиси Акциядорларнинг умумий йиғилиши аудио ва видео ёзувлари амалга оширилишига ва унинг Интернет тармоғида намойиш қилинишига рухсат бериш ҳуқуқига эга.
  5. Акциядорларнинг умумий йиғилиши раиси йиғилиш жараёнига раҳбарлик қилади, умумий йиғилиш ишчи органлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштиради, масалаларни муҳокама қилиш тартибини белгилайди, маърузачиларнинг нутқ сўзлаш (чиқиш) вақтини чеклайди, йиғилиш олиб борилиши ва овоз бериш жараёни бўйича изоҳлар беради, залда тартиб сақланишини назорат қилади.
  6. Акциядорларнинг умумий йиғилиши раиси умумий йиғилиш баённомасини имзолайди.
  7. Овозларни ҳисоблаш, Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок қилиш учун акциядорларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек овоз бериш учун бюллетенлар топшириш учун Жамият Кузатув кенгаши томонидан саноқ комиссияси ташкил этилиб, унинг сон ва шахсий таркиби Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.
  8. Саноқ комиссияси функцияларини бажариш учун мустақил экспертлар жалб қилинган тақдирда, улар саноқ комиссияси ишини амалга оширадилар.
  9. Саноқ комиссияси таркиби уч кишидан кам бўлмаслиги керак. Саноқ комиссияси таркибига Жамият Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссияси аъзолари, Жамият директори, шунингдек ушбу лавозимларга номзодлари кўрсатиладиган шахслар киритилиши мумкин эмас.
  10. Акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш “Жамиятнинг битта овоз берувчи акцияси – битта овоз” қоидаси бўйича амалга оширилади, Жамият Кузатув кенгаши аъзолари сайловлари бўйича кумулятив овоз бериш ўтказиладиган ҳолатлар бундан мустасно.
  11. Акциядорларнинг умумий йиғилишида кун тартиби масалалари бўйича овоз бериш тегишли овоз бериш учун бюллетенлар билан амалга оширилади.
  12. Овоз беришда овоз берувчиларга эҳтимолий овоз бериш вариантларидан фақат биттаси қолдирилган масалалар бўйича овозлар ҳисобланади. Қайд этилган талаблар бузилган ҳолда тўлдирилган овоз бериш учун бюллетенлар ҳақиқий эмас деб эътироф қилинади ва улардаги масалалар бўйича овозлар ҳисобга олинмайди.

Овоз бериш учун бюллетенлар овоз бериш учун қўйилган бир неча масалаларни ўз ичига олган тақдирда, мазкур банднинг биринчи хатбошида қайд этилган бир ёки бир неча масалаларга тегишли талабларга риоя қилмаслик умуман овоз бериш учун бюллетенлар ҳақиқий эмас деб эътироф қилинишига олиб келмайди.

Акциядорларнинг ишончли вакиллари бўлган ижроия органи аъзолари кун тартибига кирган ижроия органининг аъзоларини сайлаш масаласи бўйича овоз беришда иштирок этмайди.

  1. Овозларни ҳисоблаш, Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок қилиш учун акциядорларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек овоз бериш учун бюллетенлар топшириш учун Жамият Кузатув кенгаши томонидан саноқ комиссияси ташкил этилиб, унинг сон ва шахсий таркиби Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.
  2. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарликда саноқ комиссияси қуйидаги функцияларни бажаради:

–        реестр асосида Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок қилиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхатини тузади;

–        овоз бериш учун бюллетенларни ва умумий йиғилишнинг бошқа материалларини топширади, топширилган бюллетенлар ҳисобини юритади;

–        Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок қилиш учун акциядорлар (уларнинг вакиллари)ни рўйхатдан ўтказади;

–        ваколатномалар ва улар томонидан тақдим қилинадиган ҳуқуқлар ҳисобини юритади;

–        овоз бериш учун бюллетенларини ва умумий йиғилишнинг бошқа маълумотлари (материаллари)ни топширади;

–        Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилгунга қадар акциядорларга кун тартиби бўйича керакли ахборотни тақдим қилади;

–        Акциядорларнинг умумий йиғилиши кворуми мавжудлигини белгилайди; акциядорлар (уларнинг вакиллари) томонидан умумий йиғилишда овоз бериш ҳуқуқи реализация қилиниши билан боғлиқ юзага келган масалаларни изоҳлайди;

–        овоз бериш учун киритиладиган масалалар бўйича овоз бериш тартибини изоҳлайди;

–        акциядорларнинг белгиланган овоз бериш тартибини ва овоз беришда иштирок қилиш ҳуқуқларини таъминлайди;

–        овозларни ҳисоблаб чиқади ва овоз бериш якунларини хулосалайди;

–        овоз бериш якунлари тўғрисида баённома тузади;

–        овоз бериш учун бюллетенларни архивга топширади.

VIII. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИНИ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ

  1. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тартиби ҳар бир Акциядорларнинг умумий йиғилишида мазкур Низомга мувофиқ тасдиқланади.
  2. Жамият Кузатув кенгаши раиси умумий йиғилиш раёсати (президиуми) ва котиби (котибияти)ни, шунингдек саноқ комиссия таркибини сайлаш таклифини киритади.
  3. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тартиби йиғилиш иши бошланадиган ва тахминий якунланадиган вақтни, чиқишлар ва танаффуслар давомийлигини, кун тартибидаги масалалар кетма-кетлигини, кун тартибидаги масалалар бўйича маърузачиларнинг фамилиялари ва лавозимларини, овоз беришни амалга ошириш ва унинг натижаларини эълон қилиш тартибини назарда тутади.
  4. Йиғилиш давомида юзага келадиган жорий масалалар йиғилиш раиси томонидан қуйидаги асосий қоидага асосланиб якка ҳолда ҳал қилинади: Акциядорларнинг умумий йиғилишида муҳокама қилинадиган масала бўйича чиқиш ҳуқуқидан ҳар бир иштирокчи белгиланган вақт доирасида фойдаланиши мумкин.
  5. Акциядорларнинг умумий йиғилишида Жамият Кузатув кенгаши, ижроия органи мукофот пуллари ва компенсациялари миқдори, шунингдек соф фойданинг тақсимланиши, дивидендлар миқдори (мўлжалланган миқдор асосланган, уларнинг Жамият томонидан қабул қилинган дивиденд сиёсатига мувофиқлиги баҳоланган ҳолда) тўғрисидаги маълумотлар батафсил ошкор (эълон) қилинади (зарур ҳолларда, соф фойданинг муайян қисмини Жамиятни ривожлантириш эҳтиёжларига йўналтириш ҳажмлари изоҳланади ва иқтисодий жиҳатдан асосланади).
  6. Кун тартибидаги масалалар муҳокамасида иштирок қилишни истаганлар умумий йиғилиш котиби (котибияти)га муҳокама қилиш учун масала кўрсатилган ҳолда ёзма ариза берадилар.
  7. Кун тартибидаги барча масалалар муҳокама қилингандан сўнг йиғилиш раиси Акциядорларнинг умумий йиғилишини ёпиқ деб эълон қилади.
  8. Жамият Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок қилган шахсга бундай шахс ҳисобидан унинг томонидан тўлдирилган бюллетень нусхасини олиш имконини тақдим қилади.

IX. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ БАЁННОМАСИ

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши котибиятининг миқдорий ва шахсий таркиби Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади. Жамиятнинг Корпоратив консультанти Акциядорлар умумий йиғилиши котиби сифатида сайланиши (чиқиши) мумкин.
  2. Акциядорлар умумий йиғилиши котибияти қуйидагиларни амалга оширади:

–        умумий йиғилиш ўтказилиши жараёнининг баённомасини тузади;

–        ёзма аризалар бўйича кун тартибидаги масалалар муҳокамасида иштирок қилишни истаганлар қайдномаларини юритади;

–        Акциядорлар умумий йиғилиши ёпилгандан сўнг ўн кундан кечиктирилмай икки нусхада Акциядорлар умумий йиғилиши баённомасини тузади.

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши баённомасида қуйидагилар қайд этилади:

–        Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилган сана, жой ва вақти;

–        Жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари – акциядорлар эга бўлган овозлар умумий сони;

–        йиғилишда иштирок қилаётган акциядорлар эга бўлган овозлар сони;

–        умумий йиғилиш раёсати (президиуми) ва котиби (котибияти), йиғилиш кун тартиби;

–        чиқишлар асосий қоидалари, овозга қўйилган масалалар, овоз бериш якунлари ва умумий йиғилиш томонидан қабул қилинган қарорлар;

–        Акциядорлар умумий йиғилишининг Интернет тармоғида аудио ва видео ёзувлари ва намойиши ўтказилган ҳолатда мазкур маълумотлар ҳам қайд этилади.

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши баённомасининг ҳар икки нусхаси Акциядорлар умумий йиғилишига раислик қилувчи ва умумий йиғилиш котиби томонидан имзоланади.
  2. Саноқ комиссияси баённомалари умумий йиғилишнинг алоҳида қарори билан тасдиқланмайди, балки маълумот учун қабул қилинади ва умумий йиғилиш баённомасига бириктириб қўйилади.
  3. Акциядорлар умумий йиғилиши баённомаси имзолангандан сўнг, Саноқ комиссияси Жамиятнинг йиғилиш ҳужжатлари сақланадиган архивига, жумладан, умумий йиғилишнинг қайд этиш рўйхатини, овоз бериш учун муҳрланган бюллетенларни, Саноқ комиссияси аъзолари томонидан имзоланган овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённомаларни ва Акциядорлар умумий йиғилиши баённомасини топширади.

X. АКЦИЯДОРЛАР УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ ҚАРОРЛАРИНИНГ БАЖАРИЛИШИ

  1. Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари акциядорларга қуйидагича маълум қилинади:

– Акциядорлар умумий йиғилиши тугагандан сўнг уларни эълон қилиш;

–        жиддий ҳолат юзага келган санадан бошлаб икки иш куни мобайнида жиддий ҳолат тўғрисида хабардаги маълумотни ошкор қилиш.

  1. Жамият акциялари фонд биржаси листингида бўлган ҳолатда, Жамият фонд биржасининг расмий веб-сайтида тааллуқли ахборотни ҳам эълон қилиши шарт.
  2. Акциядорлар умумий йиғилиши қарорлари бажарилиши жараёни устидан назорат, агар қарорда бошқача қайд этилмаган ва йиғилиш баённомасида акс эттирилмаган бўлса, Жамият Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.
  3. Акциядорлар умумий йиғилиши қарорлари Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок қилаётган ва иштирок қилмаётган акциядорларга тегишли қисми бўйича барча акциядорлар томонидан бажарилиши шарт.

XI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

  1. Мазкур Низом, шунингдек унга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.
  2. Агар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва меъёрий (норматив) ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши натижасида мазкур Низомнинг айрим моддалари уларга зид келса, ушбу моддалар ўз кучини йўқотади ва Жамият томонидан Низомга тааллуқли ўзгартишлар киритиладиган пайтга қадар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва меъёрий (норматив) ҳужжатларига амал қилинади. Бунда мазкур Низом исталган қисмларидан бирининг ҳақиқий эмас деб топилиши умуман бутун Низомнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.